Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти

Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти

Вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг криминологик муаммоларини ўрганиш вояга етма­ганлар ижтимоий категориясининг мазмуни, унинг шакллани­ши, ривожланиши ва жамиятдаги ўрни, вояга етмаганларнинг идеаллари, қадриятлари, мўлжаллари ва фаол ҳаётий позиция­сининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи ижтимоий омиллар, ёш хусусиятлари ва ҳоказоларни таҳлил қилиш билан боғлиқ айрим умумий методологик қоидаларни кўриб чиқишни тақозо этади.

Криминологияда жиноятларнинг олдини олиш деганда жи­ноят ва бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имконият яратувчи сабаблар ва омилларни бартараф этиш ёки уларни нейтраллаштиришга қаратилган давлат ва жамият чора-тадбир­лари мажмуини тушуниш одат тусини олган 1 .

Кўпгина криминологлар жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарлик­ларнинг умумий ва махсус профилактикасини фарқлайдилар, шунингдек криминологик профилактиканинг турли вазифалари ва даражаларини қайд этадилар 2 .

Ўтказилган тадқиқотлар аксарият вояга етмаган жиноятчи­лар шахсининг шаклланиши йўлидаги биринчи босқич шахс тарбиясининг оғирлиги ҳисобланишини кўрсатади. Криминоло­гик жиҳатдан бу тушунча ғайриижтимоий шахснинг ахлоқсиз шахс ҳамда қисман ҳуқуқбузар шахси каби типларига мос кела­ди.

Тарбияси оғир ўсмир – бу ахлоқан тузатиш ва қайта тарбия­лашга муҳтож бўлган вояга етмаган шахс. Уни ахлоқан тузатиш ва тарбиялаш мазкур шахс жиноятчига айланишининг олдини олиш, шунингдек унинг жамият билан нормал алоқаларини тиклаш, унда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш мақсадида амалга оширилади.

Ҳар бир вояга етмаган тарбияси оғир шахснинг хулқ-атвори ўзига хосдир; у ўсмир шахси шаклланишининг объектив ва субъектив омиллари билан белгиланади. Бу тарбия ва профи­лактика ишларида индивидуал ёндашув етакчилик қилиши ло­зимлигини англатади.

Афсуски, амалда тарбияси оғир ўсмирларга нисбатан асосан оғзаки таъсир кўрсатиш воситалари (танбеҳ, ҳайфсан ва ш.к.) қўлланилади.

Тарбияси оғир ўсмирга жуда тўғри, хайрихоҳ муносабатда бўлиш, унинг потенциал имкониятларига ишонч билдириш муҳимдир.

Мактаб болалар ва ўсмирлар ҳаёти ва хулқ-атвори учун масъул педагогик марказга айланиши лозим.

Агар жиноятларни профилактика қилишнинг ихтисослашма­ган субъектлари зарарли таъсир манбаларини бартараф этишга қаратилган тарбия ва профилактика чораларини ўз вақтида кўрмасалар, тарбияси оғир ўсмир педагогик ва ижтимоий беқа­рорликнинг навбатдаги босқичига ўтишига сабабчи бўладилар. Бу босқич ўсмирнинг оиладаги, мактабдаги, ишдаги муносабат­лари янада ёмонлашуви, у ижтимоий жиҳатдан ижобий муҳит­дан узоқлашиши билан тавсифланади.

Оиладаги назоратсизлик, ўқув ёки меҳнат жамоаси таъсири­дан четда қолиш ўсмирда масъулиятсизлик ва бошбошдоқлик туйғусини мустаҳкамлайди.

Дастлабки ҳуқуқбузарликларнинг жазосизлиги қонун талаб­ларига беписандлик, атрофдагилар фикри билан ҳисоблашмас­лик одатини ривожлантиради.

Агар жиноий хулқ-атвор генезисининг биринчи босқичида жиноятларни профилатика қилишининг ихтисослашган субъ­ектлари (вояга етмаганлар билан ишловчи комиссиялар ва ин­спекциялар, махсус мактаблар ва ҳ.к.) тегишли чораларни кўр­масалар, бу ўсмирнинг ғайриижтимоий мойилликларини янада чуқурлаштиради.

Вояга етмаганлар жиноий хулқ-атворининг этнологиясини ўрганиш ҳозирги шароитда вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши курашда жиноятлар профилактикаси асосий ўринни эгаллаши лозимлигини кўрсатади.

Вояга етмаганлар жиноятчилигини профилактика қилиш – бу хулқ-атвори ахлоқий ва ҳуқуқий нормалар чегарасидан четга чиқаётган, лекин ҳали жиноий тус олмаган вояга етмаганлар шахсини ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялаш борасидаги мах­сус фаолият. Бу ерда ғайриижтимоий хулқ-атворнинг уч тури (ахлоққа зид, ғайриҳуқуқий ва жиноий хулқ-атвор)дан дастлаб­ки иккитаси профилактика объекти сифатида амал қилади. Шундай қилиб, профилактика ўз мазмунига кўра барча вояга етмаганларга қаратилган умумий тарбиявий чоралар билан жи­ноят содир этган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жиноят-ҳуқуқий чоралар ўртасида оралиқ бўғин ҳисобланади.

Умумий профилактика чоралари асосан беқарор оилалар­нинг салбий таъсирини нейтраллаштириш, муҳтож ўсмирларга давлат ва жамоат ёрдамини кўрсатиш (васийлик ва ҳомийлик ўрнатиш, меҳрибонлик уйи, мактаб-интернатга юбориш, ўқиш­га ёки ишга жойлаштириш), вояга етмаганларга таълим-тарбия бериш билан шуғулланувчи муассасалар фаолиятидаги камчи­ликларни бартараф этиш, ўсмирларнинг дам олишини оқилона ташкил этиш, вояга етмаганлар қонун ҳужжатларига риоя эти­ши устидан назорат олиб бориш ва ҳоказоларни назарда тутади.

Вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш билан боғлиқ барча чоралар унинг бош вазифасини амалга ошириш – бошланган шахс бузилишини тўхтатишга, унинг айрим салбий хусусиятларига барҳам беришга, шунингдек микромуҳит кри­миноген омилларининг таъсирига чек қўйишга қаратилиши ло­зим. Профилактика чора-тадбирлари тарбияси оғир ўсмирлар ғайриижтимоий хулқ-атворнинг янада хавфлироқ шаклларига ўтишини тўхтатишлари, улар келажакда тўғри йўлга кириб, фа­ол ҳаётий позицияни эгаллашларини таъминлаши лозим.

Жиддий камчилик шундан иборатки, вояга етмаганлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари­нинг профилактик таъсири доирасига асосан ҳуқуқбузарликлар содир этганларидан кейин тушадилар.

Ўсмирларнинг ғайриижтимоий мойилликларини дастлабки босқичда профилактика қилиш чораларини қўллашга нисбатан юзаки ёндашиш ҳоллари мавжудлигини ҳам қайд этиб ўтиш ло­зим. Масалан, вояга етмаганлар билан ишлаш инспекциялари ва комиссиялар асосан тарбияси оғир ўсмирларнинг ўзига таъсир ўтказади. Уларнинг беқарор ота-оналарига нисбатан эса, нари борса маъмурий чоралар кўриш билан кифояланади. Ваҳоланки, бу чоралар ўз ҳолича ўсмирнинг микромуҳитини соғломлашти­ра олмайди. Кўпинча бу ўсмир билан ўтказилган тарбия ишла­рининг барча натижаларини чиппакка чиқаради.

Бу соҳада қонунийликка риоя этилиши устидан прокурор назорати чоралари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Назоратни ташкил этишга нисбатан юзаки ёндашув шунга олиб келмоқдаки, айрим қарорлар бажарилмаяпти ёки ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаяп­ти. Ўзбекистон Республикасининг Прокуратура тўғрисидаги қонуни прокуратура органлари зиммасига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноятчиликка ва бошқа ҳуқуқбузарлик­ларга, шу жумладан вояга етмаганлар жиноятчилиги ва ҳуқуқ­бузарлигига қарши кураш фаолиятини мувофиқлаштириш ва­зифасини юклайди. Бу профилактика ишининг барча иштирок­чилари куч-ғайратини бирлаштиришни назарда тутади ва айни вақтда прокурорларнинг назорат функцияларини бажариш мажбуриятини соқит этади. Прокуратуранинг вазифаси – жи­ноятларнинг олдини олиш, вояга етмаганларни тарбиялаш учун масъул ходимлар ўзларига юкланган қонуний ваколатларни қандай амалга ошираётгани устидан назоратни кучайтириш.

Вояга етмаганлар билан ишловчи комиссиялар шуғулланади­ган муҳим масала – вояга етмаганларни ишга жойлаштириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак.

Маъруза доирасида биз вояга етмаганлар жиноятчилигининг энг муҳим масалаларинигина ёритишга ҳаракат қилдик. Бироқ юқорида айтилганларнинг ўзидан кўриниб турибдики, профи­лактика фаолиятини янада такомиллаштириш – ҳуқуқий жамият ривожланаётган шароитда вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши курашнинг самарадорлигини оширишнинг муҳим воси­тасидир.

12-мавзу. АЁЛЛАР ЖИНОЯТЧИЛИГИ ВА УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

1.Аёллар жиноятчилигининг ҳолати,

таркиби ва динамикаси

Умуман олганда жиноятчилик ҳар бири ўзига хос хусусият­ларга эга бўлган айрим турларга бўлинади. Бу хусусиятлар ай­рим турдаги жиноятларнинг криминологик тавсифи, сабабий боғланишларида ҳам, уларнинг олдини олиш ҳамда уларга қар­ши кураш усулларида ҳам ифодаланади. Аёллар жиноятчилиги жиноятчиликнинг ана шундай алоҳида турларидан биридир.

Жиноятчиликни жинсий белгига кўра фарқлаш, ҳеч шубҳа­сиз, ўринлидир, чунки аёллар жиноятчилигининг миқдор кўр­саткичлари ҳам, сифат кўрсаткичлари ҳам эркаклар жиноятчи­лигидан фарқ қилади. Миқдорий хусусиятлар масаласига кел­сак, аёллар жиноятчилиги асрлар мобайнида эркаклар жиноят­чилигидан орқада қолиб келган. Аёллар содир этадиган жино­ятларнинг эркаклар томонидан содир этиладиган жиноятлар билан ўзаро нисбати 1:8 ни (жиноятлар умумий сонининг 12,5% ни) ташкил этади. Ваҳоланки, мамлакатимизда аёллар сони эр­каклар сонига қараганда кўпроқ.

Сифат хусусиятлари масаласига келсак, статистика маълу­мотлари аёллар томонидан тамагирлик ниятида ва зўрлик иш­латиб содир этилган жиноятлар, шунингдек бошқа жиноятлар­нинг ўзаро нисбати эркаклар ўртасида юзага келган вазиятдан анча фарқ қилишини кўрсатади. Аёлларга хос бўлган микро­муҳит ёки шароит таъсирида муайян даврда юзага келган хулқ-атвор тарзи ўз аксини топган жиноятлар фарқланади.

Шунингдек, аёллар жиноятчилигининг ўзгариш хусусияти ҳам ўзига хос бўлиб, эркаклар жиноятчилигининг ўзгариш ху­сусияти билан доим ҳам мос келавермайди. Масалан, аёллар томонидан зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг ўсиши доим нисбатан суст кечади.

Аёл жиноятчи шахсининг криминологик тавсифи ҳам ўзига хосдир. Одатда, уларнинг ўртасида катта ёшдаги шахслар аниқ­ланган эркак жиноятчилар ўртасидаги шундай шахсларга қара­ганда кўпроқ бўлади. Сўнгги йилларда жиноятчиларнинг ёша­риши кузатилаётганига қарамай, юқорида зикр этилган тенден­ция ҳозиргача сақланиб қолаётир. Аёл жиноятчиларнинг маъ­лумот даражаси эркак жиноятчиларга қараганда доимо юқори бўлган, бироқ илгари аёл жиноятчилар орасида олий маълумот­ли шахсларнинг бундай юқори ўсиши ҳеч қачон қайд этилмаган эди.

Бу аёллар жиноятчилигининг баъзи бир хусусиятлари ва фарқлари, холос. Сўнгги йилларда умумий жиноятчилик қатори аёллар жиноятчилиги ҳам сезиларли даражада ўсди. Ўзига хос хусусиятларга эга эканлигига қарамай, аёллар жиноятчилиги ҳам жиноятчиликнинг умумий қонуниятларини ҳамда унда юз берган ўзгаришларни акс эттиради. У умумий жиноятчиликнинг кичик тизими сифатида амал қилади ва у билан узвий боғлан­ган.

Аёллар жиноятчилиги эркакларникидан орқада қолиб кела­ётганлигини асословчи бир нечта назария мавжуд. А.Кетле бу ҳодисани нафақат аёлларнинг жисмонан заифлиги, балки жамо­атдан узоқдалиги, оилавий мажбуриятлар доирасидан кам четга чиқиши билан тушунтирган. Бироқ аёллар жамоат ҳаёти ва профессионал фаолиятга тобора фаолроқ қўшилишига қараб, шунингдек жиноятчиликда ўсиш юз берган даврларда умумий жиноятчилик таркибида аёллар жиноятчилигининг улуши дои­мо оз бўлиб қолган. У эркаклар жиноятчилиги улушидан бир неча баравар кам бўлган.

Бу ҳодисанинг бошқа бир изоҳи антроплогик мактаб намо­яндалари – Ч.Ломброзо ва унинг Россиядаги издоши П.Н. Тар­новская томонидан илгари сурилган. Улар аёллар жиноятчили­гининг фаоллик даражаси эркакларникига нисбатан пастлигини аёл организмининг ўзига хосликлари, аёл табиати ва унинг маълум даражада «биологик норасолиги» билан изоҳлаган.

Бироқ фаннинг кейинги ривожланиши жиноятчиликнинг сабабий омиллари мажмуида ижтимоий ҳаёт шарт-шароитлари таъсирида шаклланувчи ҳолатлар устунлик қилишини кўрсатди. Аёллар жиноий ва, умуман олганда, қонуний хулқ-атворининг шаклланишига айнан шу ҳолатлар айниқса жиддий таъсир кўрсатади. Бизнинг назаримизда, аёллар жиноятчилигининг биологик сабабларини ҳам, ижтимоий сабабларини ҳам фарқ­лаш мумкин. Айни вақтда, бу сабаблар бир-бири билан узвий боғлиқ.

Аёлларга қадим замонлардаёқ оилани тебратиш ва рўзғор юритиш вазифалари юкланган, эркаклар эса овчилик ёки балиқ­чилик билан шуғулланган. Ижтимоий вазифаларнинг бундай тақсимланишига жисмоний тенгсизлик сабаб бўлган деб фараз қилиш мумкин, бироқ, маълумки, жисмоний куч жиҳатидан эр­каклардан қолишмаган амазонкалар ҳам мавжуд бўлган. Шу боис, эҳтимол тутилган жисмоний тенгсизликдан ташқари, жинсларнинг маънавий-руҳий фарқлари ҳам эркаклар ва аёллар вазифаларининг ажратилишига сабаб бўлган бўлса керак. Аёл она бўлиш учун яратилади, тегишли равишда унда бунёдкорлик хусусиятлари устунлик қилади, эркак эса, овчи ёки балиқчи си­фатида, кўпроқ агрессив хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу аёллар агрессиядан бутунлай холи, эркаклар эса бунёдкор­ликка қодир эмас, деган маънони англатмайди. Амалиётда ўзи­нинг янги туғилган чақалоқларини тап тортмасдан ўлдирадиган оналар ҳам, нафақат ўз зурёдини, балки асраб олинган болалар­ни ҳам тарбиялаб вояга етказадиган оталар ҳам учрайди.

Гап шундаки, аксарият аёлларда жиноят содир этишга моне­лик қилувчи хусусиятлар устунлик қилади, чунки аёллар хулқ-атворини шакллантирувчи омиллар одатда оила билан боғлиқ. Оилани муҳофаза қилиш, унинг моддий фаровонлигини таъ­минлаш, қулай психологик муҳит яратиш кўпинча ота зиммаси­га тушади. Бунда оила учун масъулият юки аввало аёл зиммаси­га тушади. Айни шу сабабли аёл ҳаёти жиноий фаолият билан кам боғланади, чунки у фарзандлари, оиланинг фаровонлиги ва бутунлиги учун ўз масъулиятини ҳис этади. Агар аёл жиноят йўлига кирса, у ўз оиласини хавф остида қолдиради, чунки аёл бу қилмиши унинг жазога тортилиши, озодликдан маҳрум қи­линишига сабаб бўлишини, жазони ўташ пайтида эса оиланинг бузилиш эҳтимоли катта эканлигини, фарзандларини тарбиялаш ва вояга етказиш билан ким шуғулланиши номаълумлигини яхши тушунади. Шунингдек, оилали одам жазодан бўйин тов­лаши анча қийин кечади, чунки жиноят қочиб яшириниш, яшаш жойини ўзгартиришга аҳд қилса, оиланинг мавжудлиги бу ни­ятни амалга оширишни қийинлаштиради. Бундан ташқари, ои­лали одам жиноятни режалаштириш ва содир этиш учун вақт топиши ҳам қийин кечади, чунки оила юмушлари анча кўп вақтни олади. Санаб ўтилган сабаблардан ташқари, аёл жиноят содир этишига тўсқинлик қиладиган бошқа омиллар ҳам мав­жуд. Аёллар зўрлик ишлатиб содир этадиган жиноятлардан асо­сан эрлари, жазманлари, фарзандлари, яқин қариндошлари жабрланиши ҳам аёл оилага эркакларга қараганда қаттиқроқ боғланганлиги билан изоҳланади.

Шундай қилиб, аёлнинг табиати унинг жамиятдаги ижтимо­ий ролини белгилайди, бу роль, ўз навбатида, аёллар ўртасидаги жиноятчилик даражасига таъсир кўрсатади. Шу боис жиноят содир этилишига имконият яратувчи ҳолатларни белгилашда аёлнинг жамиятдаги фаолиятининг хусусиятини, яъни аёл ишда ва уйда банд бўлганлиги муносабати билан юзага келувчи барча вазиятларни ҳисобга олиш лозим. Шу ёндашув эркаклар жино­ятчилигини кўриб чиқишда ҳам ўринлидир. Табиатан забт этув­чи, агрессор хусусиятларига эга бўлган эркак жамиятда ҳам шунга мос вазифаларни бажарадики, эркаклар жиноятчилиги­нинг улуши аёллар жиноятчилигидан анча катта эканлиги айни шу ҳолат билан белгиланади.

Сўнгги йилларда жиноятчилик, шу жумладан унинг тарки­бий қисми саналган аёллар жиноятчилигининг эгри чизиғи ҳам жадал суръатларда ўсиб бораётир. Бу ҳолатни аввало мамлака­тимизнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида юз берган ўзгаришлар ижтимоий кескинлик, ижтимоий можаролар ва қарама-қарши­ликларнинг ўсишига сабаб бўлганлиги билан тушунтириш мум­кин.

Аёл ижтимоий мақомини тушунишда ҳам муайян ўзга­ришлар юз бердики, бу, шубҳасиз, аёллар жиноятчилигида, ху­сусан, унинг миқдори ва сифатида ўз аксини топди.

Ишсизлик, реал даромадларнинг камайиши, оила аҳамияти­нинг пасайиши, ажрашишлар сонининг кўпайиши жиноятчилик даражасининг ўсишига бевосита таъсир кўрсатаётган омиллар сифатида қайд этилмоқда. Натижада аёллар ўртасидаги жино­ятларда айниқса катта ўсиш кузатилаётган бир неча жиноят турлари мавжуд. Улар жумласига оила-рўзғор муносабатлари замирида зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар, тама­гирлик жиноятлари, иқтисодий жиноятлар киради.

Сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги тангликлардан ташқари, маъ­навий инқироз ҳам кузатилмоқдаки, у одамлар, айни ҳолда – аёллар мамлакатдаги вазиятнинг ўзгариши натижасида юзага келган қийинчиликларни енгишга қодир эмаслиги билан боғ­лиқ. Бу ичкиликбозлик даражасининг ўсишига олиб келган омиллардан бирига айланди ва ўз навбатида оилада зўрлик иш­латиб содир этилган жиноятлар сонининг кўпайишига сабаб бўлди. Мастлик ҳолатида қариндошлар, кўпинча эр-хотин ўрта­сида чиққан жанжаллар аксарият ҳолларда ё одам ўлдириш, ба­данга ҳар хил оғирликда шикаст етказиш билан якунланади.

Ўз қобилиятини намоён этиш имкониятининг йўқлиги, иш­сизлик, турмуш даражасининг пасайиши, шунингдек оилавий қадриятларга қизиқишнинг сусайиши шунга олиб келмоқдаки, аёллар баъзан тирикчилик учун маблағлар топишга уриниб, жиноят йўлига кирмоқдалар. Тўғри, жиноятчи аёллар кўпинча товламачилик, фирибгарлик, ўғрилик, харидорларни алдаш ка­би жиноят турларини танлайдилар. Талончилик ва босқинчилик жиноятларида улар кам иштирок этадилар. Бироқ йилдан йилга вазият ўзгармоқда ва аёллар эркакларни «қувиб етмоқдалар».

Сўнгги йилларда умумий жиноятчилик таркибида аёллар жиноятчилиги улушининг кўпайганлиги бошқа сабаблар билан бир қаторда жинсларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа жиҳат­лардан тенглашуви билан ҳам боғлиқ. Агар аёл жамиятда эркак билан тенглашса, у беихтиёр эркакларга хос бўлган агрессив хулқ-атвор типини қабул қилади. Оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг ўсиши айни шу ҳолат билан белги­ланади, чунки аёл уйда ҳам ўзини агрессив тута бошлайди. Аёллар тамагирлик жиноятларида ҳам фаолроқ ҳаракат қила бошламоқдалар, чунки унга табиатан хос бўлган оилани тебра­тувчи хусусиятлари иккинчи даражали аҳамият касб этмоқда. Эндиликда аёл оила учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммасига олишга ҳаракат қилмайди, у мазкур жавобгарликни эркак билан тенг бўлишади. Жиноий фаолиятдан тийиб турувчи асосий омил бўлган оила учун жавобгарлик улуши камаймоқда, бу эса жиноятчиликнинг ўсишига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, иқтисодий жабҳада жинсларнинг тенглашуви аёл­лар жиноятчилиги фоизининг кўпайишига таъсир кўрсатди, чунки аёлларда мазкур жиноят турини содир этиш учун имко­ният пайдо бўлди. Илгари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган аёллар сони анча кам эди, раҳбарлик лавозим­ларини ҳам улар кам эгалларди, аёллар асосан иқтисодий жино­ятлар содир этишга «мослашмаган» лавозимлар (иш жойла­ри)да банд эди.

Шундай қилиб, эркак ва аёл ижтимоий ролларининг арала­шуви шунга олиб келдики, аёл ҳам, эркак ҳам уларнинг ишда ва уйда бандлиги муносабати билан юзага келувчи ҳар хил вазият­ларга тушиб қолмоқдалар. Яъни, жиноят билан якунланиши мумкин бўлган жанжаллар, иқтисодий ёки тамагирлик жиноят­лари содир этиш учун имкониятларнинг юзага келиш эҳтимоли эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам бир хил.

Табиийки, жинсидан қатъи назар, ҳар қандай одам ҳам жи­ноятга қўл уравермайди. Бироқ, илгари аёл жиноят содир этиш учун зарур маънавий-руҳий хусусиятлар мажмуига эга бўлса, унинг имкониятлари шундай хусусиятлар мажмуига эга бўлган эркак билан бир хил бўларди. Эндиликда эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўз жиноий ниятларини амалга оширишда тенг имконият­ларга эга. Жинсларнинг бу тенглашувига умумий жиноятчилик таркибида аёллар жиноятчилиги улуши кўпайганлигининг са­бабларидан бири сифатида қараш мумкин.

13-мавзу. ОИЛАДАГИ ЖИНОЯТЛАРНИНГ КРИМИНОЛОГИК ТАВСИФИ

  1. Оиладаги жиноятлар
  2. Онанинг ўз чақолоғини қасддан ўлдиришнинг криминоло­гик тавсифи
  3. Оилага қарши жиноятлар
  4. Оиладаги жиноятларнинг олдини олиш

13.1. Оиладаги жиноятлар

Оиладаги жиноятлар муаммоси оилавий криминологиянинг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Оиладаги жиноятлар деганда оилада унинг бир аъзоси бошқа аъзоларга қарши содир этувчи жиноятлар тушунилади 1 . Бунда эр-хотин ўртасидаги муносабатлар юридик жиҳатдан қонуний­лаштирилган ёки қонунийлаштирилмаганлиги аҳамиятга эга эмас.

Оилада ҳар хил (ғаразгўйлик, жинсий ва бошқа) жиноятлар содир этилади. Бироқ уларнинг орасида бир оила аъзоси бошқа оила аъзосига нисбатан зўрлик ишлатиб содир этадиган жино­ятлар, шу жумладан фарзандкушлик ҳамда болаларга қарши бошқа жиноятлар кўпчиликни ташкил этади.

Оиладаги жиноятлар замирида одатда оила аъзолари ўртаси­даги ички жанжал ёки оила аъзолари ва у яшайдиган муҳит ўртасидаги жанжал ётади. Бугунги кунда оиладаги жиноятлар орасида хотинга (эрга) қарши зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар ва фарзандкушлик айниқса муфассал ўрганилган 2 .

Оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар – оламшумул ижтимоий муаммо. Чет элда оилавий муносабатлар криминологиясининг бу йўналиши кўпинча «уйдаги зўравон­лик» («оиладаги зўравонлик») деб аталади. 3 Бу муаммонинг оламшумуллиги шу билан белгиланадики, турли мамлакатларда зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг аксарият қисми айнан оилада содир этилади. Оила доирасида жиноятлар кўпинча эр (хотин) томонидан хотинга (эрга) нисбатан содир этилади.

Умуман олганда, оиладаги зўравонлик муаммоси умуман зўрлик ишлатиш муаммосига қараганда камроқ муҳокама қили­нади. Мазкур муаммо баҳс-мунозара предметига айланишида сиёсатчилар ва олимларнинг эмас, балки хотин-қизлар ҳаракат­лари ҳамда бола манфаатларини ҳимоя қилувчи ҳаракатларнинг хизмати катта. 1

Зўрлик ишлатиш тушунчасига таъриф бериш нафақат муш­кул иш, балки бунинг иложи ҳам йўқ, чунки биз кундалик тур­мушда тўқнаш келадиган ҳолатларнинг кўпчилиги зўрлик иш­латиш билан боғлиқ, аммо биз уларни нормал ҳодиса сифатида қабул қиламиз (масалан, болаларни жисмоний жазолаш). Бутун дунёда кўпгина оилаларда болаларга нисбатан шахсга қарши ҳар хил жиноятлар жумласига киритилган зўрлик ишлатилади. Оилада бириктирилган вазифаларни бажариш (масалан, ота-она вазифасини бажариш, тарбия билан боғлиқ ҳуқуқларни амалга ошириш ва ш.к.) йўли билан ҳокимиятни амалга ошириш учун ишлатиладиган зўрлик қонуний хусусиятга эга. Бу ҳуқуқлар че­гарасидан четга чиқиш ва мазкур ҳаракатларнинг ошкор бўли­шигина айбдорларга нисбатан жазо чоралари кўрилишига сабаб бўлади. Бунда айбли хулқ-атвор жабрланувчининг баданига ет­казилган (кўзга ташланадиган) шикаст билан белгиланади. Ваҳоланки, зўрлик ишлатиш оғзаки ибораларда, руҳий таъсир ўтказишда, ўз вазифаларини бажармасликда (масалан, эрни ёки хотинни молиявий мададдан маҳрум этиш) ифодаланиши ҳам мумкин. Катталар оилада болаларга нисбатан зўрлик ишлатар экан, асрлар мобайнида шаклланган хулқ-атвор андозларига кўра, бу ҳаракатлари билан жиноят қонунини бузаётганларини доим ҳам англайвермайдилар. Бу жиноятларнинг аксарияти, ай­ниқса, улар одам ўлимига ёки жабрланувчининг соғлиғига жид­дий зиён етишига сабаб бўлмаса, атрофдагилар учун номаълум бўлиб қолади ва тегишли чоралар кўрилишига олиб келмайди.

Жаҳонда ўтказилган тадқиқотлар болаларга нисбатан зўрлик ишлатиш аксарият одамлар томонидан маъқулланишидан дало­лат беради. Масалан, Германияда ўтказилган Хори сўрови (1968) аҳолининг 85% болаларни дўппослашни тарбия воситаси деб ҳисоблашини кўрсатади. Орадан икки йил ўтгач, бу кўрсат­кич бироз камайди (75%). АҚШда ҳар йили 18 ёшга тўлмаган ҳар минг кишига нисбатан жисмоний, жинсий зўрлик ишлатиш ва шафқатсизлик билан муносабатда бўлиш билан боғлиқ 5,7 ҳолат тўғри келиши аниқланган (1979–1980 йиллар). Мутахас­сислар берган баҳога кўра, АҚШда ҳар йили 0,5-2,5 млн. қария зўрликдан жабр кўради.

Оилада қарияларга зўрлик ишлатилишига сабаб бўладиган омиллар орасида қарияларга қаровчи шахслар зўрлик ишлатиш табиий ҳол саналган муҳитда ўсиб улғайганлиги; авлодлар ўртасидаги зиддият; геронтологик муаммолар (касаллик, қари­лик) қайд этилади.

Оилада жиноятлар кўпинча эр (хотин) томонидан хотинга (эрга) нисбатан содир этилади. Баданга оғир шикаст етказишга Горбачева Н.Ю.ни ЎзР ЖКнинг 104-моддасида назарда тутил­ган жиноятни содир этишда айблаш бўйича иш мисол бўлиши мумкин.

Горбачева Н.Ю. 1998 йил 4 июль куни маст ҳолатда ўз уйида пул тақчиллиги баҳонасида эри билан жанжаллашиб қолган. Горбачева Н.Ю. баданга шикаст етказиш мақсадида стол устида турган ошпичоқни олиб, эрининг қорин соҳасига тиққан. Эри Сатторов И.А. касалхонага олиб келинган. Суд-тиббиёт экспер­тизаси хулосасига кўра, Сатторов И.А.нинг қорин соҳасида ҳаёт учун хавфли бўлган ва ушбу белгига кўра баданга оғир шикаст­лар қаторига кирувчи санчилган-кесилган яра ва ошқозоннинг жароҳатланиши аниқланган. Иш Тошкент шаҳар Акмал Икро­мов туман судида 1998 йил 8 сентябрда кўриб чиқилди. Горба­чева Н.Ю. ЎзР ЖКнинг 104-моддасида назарда тутилган жино­ятни содир этишда айбдор деб топилди ва 5 йил муддатга озод­ликдан маҳрум қилинди.

Хусусияти ва оғирлик даражаси ҳар хил бўлган жиноятлар зўрлик ишлатиб содир этилади. Уларнинг орасида ҳаёт ва соғ­лиққа қарши жиноятлар (айниқса, одам ўлдириш ва қасддан ба­данга оғир шикаст етказиш), шахснинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар етакчилик қилади.

Масалан, Россияда ҳар йили тахминан 12000 оилада одам ўлдириш жиноятлари содир этилади, шулардан 60% га яқинини эрнинг (хотиннинг) хотинни (эрни) ўлдириши ташкил этади, бу мамлакатда содир этиладиган барча одам ўлдиришларнинг 25% дан кўпроқдир. 1

Аксарият мамлакатларда оиладаги жиноятлардан жабрлан­ганлар орасида эркакларга қараганда аёллар кўпчиликни таш­кил этади. Бироқ айрим мамлакатларда бунинг тескариси куза­тилади (масалан, Угандада).

Агар ХХ аср 70-йилларининг иккинчи ярмида жабрланган аёллар билан жабрланган эркакларнинг ўзаро нисбати тахминан 7,1 ни ташкил этган бўлса, 90-йилларда бу нисбат 3,1 ни ташкил этди, яъни аёлларнинг оиладаги криминал фаоллиги ошди 2 .

Оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлардан би­ри – эрнинг (хотиннинг) хотинни (эрни) ўлдириши жинояти­нинг уч тури фарқланади. 3

1) Тамагирлик ниятида эрнинг (хотиннинг) хотинни (эрни) ўлдириши.

Одам ўлдиришнинг мазкур тури эрнинг (хотиннинг) хотинни (эрни) ўлдириши билан боғлиқ жиноятларнинг атиши 5% ни ташкил этади. Тамагирлик ниятида одам ўлдиришга алимент тўлашдан халос бўлиш, турар жой майдонини эгаллаш, мерос олишни тезлаштириш нияти сабаб бўлиши мумкин. Эрнинг (хо­тиннинг) хотинни (эрни) ўлдириши «никоҳ фирибгарлиги» би­лан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Бунда фирибгар қотил хотин­нинг (эрнинг) мол-мулкини эгаллаш мақсадида никоҳга киради, сўнгра уни ўлдириб, меросга эга бўлади.

2) Ҳар хил юмушлардан халос бўлиш ниятида эрнинг (хо­тиннинг) хотинни (эрни) ўлдириши (тахминан 5%).

Бундай юмушлар жумласига бемор ёки кекса хотинга (эрга) сурункали қараш зарурати ёхуд унга бошқача тарзда боғлиқ­ликни киритиш мумкин.

Бундай одам ўлдиришлар эр (хотин) янги никоҳ тузмоқчи бўлган ҳолларда (агар хотин (эр) никоҳни бекор қилишга рози бўлмаса) ҳам содир этилиши мумкин. Бундай одам ўлдиришлар доим қасддан содир этилади, улар жуда пухта режалаштирила­ди. Шу боис уларнинг яширинлик даражаси жуда юқори.

3) Рашк замирида эрнинг (хотиннинг) хотинни (эрни) ўлдир­иши (50% дан ортиқ).

Бундай одам ўлдиришлар одатда хотин (эр) эрига (хотинига) хиёнат қилгани аниқланган ҳолларда содир этилади. Баъзан бундай одам ўлдириш шубҳа таъсирида содир этилиши ҳам мумкин.

Тошкент вилоят суди судьяси О.Р. 1996 йил 7 ноябрда хоти­ни –М.Р. «буюртмаси»га кўра ўлдирилиши рашк замирида одам ўлдиришга мисол бўлиши мумкин.

Р.лар оиласида сурункали жанжаллар 1993 йилдан бошлан­ди, эр-хотин ўртасидаги жарлик йилдан-йилга чуқурлашиб бор­ди. 1995 йилда О.Р. Хотинидан бутунлай кўнгли совиб, у билан ажрашмоқчи бўлди. О.Р. бошқа аёл билан яшай бошлади.

Бироқ М.Р. бунга рози бўлмади. 17 йил мобайнида турли жиноятчиларга ҳукм чиқариб келган бу аёл энг оғир «ҳукм»ни эрига чиқарди:

Иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилди. Айбдорлар ўз жазосини олди. 1

Рашк замирида одам ўлдириш аёлларга қараганда эркаклар томонидан кўпроқ содир этилади.

Хотиннинг эридан қасос олиш мақсадида уни ўлдириш ҳол­лари ҳам диққатга сазовор. Эридан сурункали калтак еб, хўр­ланиб келган хотинлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга доим ҳам мурожаат этавермайди. Вақти келиб улар ўз золим эридан ўч олиш, ундан халос бўлиш йўлларини излай бошлай­ди. Баъзан улар эрини ўлдиришга қарор қилади.

Бу мезонлардан фойдаланиб, ҳаёт ва соғлиққа қарши оилада­ги жиноятларнинг бошқа турларини, масалан, қасддан баданга шикаст етказишни ҳам таснифлаш мумкин.

Тошкент шаҳар Акмал Икромов туман судида кўрилган Р.А.ни ЎзР ЖКнинг 105-моддасида назарда тутилган жиноят содир этишда айблаш бўйича иш қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказишга мисол бўлиши мумкин.

Р.А. 1998 йил 5 май куни соат 21.30 да уйига маст ҳолатда қайтиб келаётганида орқасидан уч номаълум эркак кетаётган хотинини кўриб қолган. Уйга келгач, у Р.А. хотинидан бу эр­каклар кимлигини сўраган хотини уларни танимаслигини айт­ган. Натижада рашк замирида жанжал чиқиб, у муштлашишга айланган. Ҳ. қасддан хотинига бир неча зарба берган. Олинган жароҳатлар натижасида Ҳ. Касалхонага ётқизилган. Суд-тиб­биёт экспертизасининг хулосасига кўра, Ҳ.нинг пастки жағи ичдан сингани аниқланган.

Оилада шахснинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар со­дир этилиши ҳам мумкин. Бу ерда асосан аёллар жабрланади.

Бундан ташқари, оилада вояга етмаган болалар (кўпинча ўгай қизлар ва ўғиллар)нинг жинсий дахлсизлиги, уларнинг нормал жисмоний ва ахлоқий ривожланишига қарши жиноят­лар, вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ва бошқа шунга ўхшаш жиноий қилмишлар ҳам содир этилади. АҚШ олимларининг баҳолашларига кўра, 2 млн.га яқин америкалик аёллар болалигида шунга ўхшаш жиноятлардан жабрланган. 1

Бундай жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси жуда юқори, чунки улар ўсмирнинг нормал ва хавфсиз ривожлани­шига тажовуз қилади.

Оилада зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятлар ораси­да фарзандкушлик ҳам учрайди. Аммо бу жиноятнинг крими­нологик тавсифи анча кенг масала бўлгани учун уни алоҳида кўриб чиқамиз.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎